Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-5655-сон Фармонига мувофиқ республикамизда 2022 йилда аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш белгиланди. Халқаро тажрибага асосан аҳоли сони бўйича аниқ ва яхлит маълумотлар аҳолини рўйхатга олиш асосида олинади. Аҳолини рўйхатга олиш якунларига қараб ўтмиш ва ҳозирги давр ҳақида фикр ва мулоҳазалар юритиш ҳамда келажакни прогноз қилиш мумкин бўлади. Аҳолини рўйхатга олиш – бу мамлакат аҳолисининг муайян вақтдаги “фотосурати”ни олиш имконини берувчи умумдавлат миқёсидаги кенг кўламли тадбир бўлиб, аҳоли тўғрисидаги ишончли ахборот манбаи ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Жиззах вилояти хокимининг, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда ахолини руйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” ги ПФ-5655-сонли Фармонининг ижросини таъминлаш мақсадида 2019 йил 11 февралдаги 63-сонли қарори тасдиқланди. Ўзбекистан Республикасида 2022 йилда ахолини руйхатга олишни ўтказишга доир комплекс чора-тадбирлар дастури ижроси юзасидан вилоят хокимлигининг назорат режасига мувофиқ соҳалар бўйича комиссия таркиби ва ишчи гурух аъзолари тасдиқланди. Аҳолини рўйхатга олиш концепсиянинг мақсади. Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва унинг фаровонлиги тўғрисидаги ишончли маълумот узоқ муддатли прогнозлар ва давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш мақсадли дастурларини, янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурларини ишлаб чиқиш, барқарор ривожланиш Миллий мақсадлари индикаторларини шакллантириш, меҳнат ресурслари жойлашуви ва улардан фойдаланиш жараёнларини ўрганиш, илмий тадқиқотлар олиб бориш учун муҳим пойдевор ҳисобланади. Фармонда қуйидагиларни назарда тутади. - Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш Концепцияси тасдиқланди. - Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга доир комплекс чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. - Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказишга кўмаклашиш бўйича Республика ҳамда ҳудудий комиссиялар таркиби ҳамда уларнинг вазифалари белгиланди. - Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифалари юклатилди. Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш ишлари кенг қамровли тадбир бўлиб, кетма-кет ҳамда бир вақтнинг ўзида тегишли тадбирларни амалга ошириш мумкин бўлган босқичларни ўз ичига олади.        
  • Биринчи босқичда (3 йилгача бўлган муддат)
аҳолини рўйхатга олишни ташкил этиш, ўтказиш тамойиллари, услубий асослари ва молиялаштириш манбаларини аниқлаш масалаларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш; аҳолини рўйхатга олиш дастурини, рўйхатга олиш варақалари бланкларини, аҳолини рўйхатга олишни ташкил этиш ва ўтказиш, унинг натижаларини олиш ва эълон қилиш услубиятини ишлаб чиқиш; хариталаш, аҳоли пунктларидаги уйларнинг рўйхатини тузиш ва аҳолини рўйхатга олишнинг ташкилий режаларини тузиш; ахборот-тушунтириш ишларини ўтказиш; рўйхатга олиш варақаларини ва бошқа ҳужжатларни чоп этиш; рўйхатга олиш участкаларини бино, транспорт ва алоқа воситалари билан таъминлаш; рўйхатга олиш тадбирида иштирок этувчи вақтинчалик ходимларни ўқитиш;
  • Иккинчи босқичда (10 кундан 60 кунгача бўлган давр)
Иккинчи босқичда (10 кундан 60 кунгача бўлган даврда) бевосита аҳолини рўйхатга олиш амалга оширилади, яъни аҳоли тўғрисидаги маълумотлар йиғилади, назорат текшируви ўтказилади ва аҳолини рўйхатга олиш материаллари топширилади.
  • Учинчи босқичда (2 йилдан 3 йилгача бўлган давр)
аҳолини рўйхатга олишга доир бирламчи материалларни маълумотларни қайта ишлаш бўйича ихтисослашган тузилмалар томонидан қабул қилиб олиш; аҳолини рўйхатга олиш материалларини автоматлаштирилган тизимда қайта ишлашга тайёрлаш; бирламчи маълумотларни киритиш, кодлаш, назорат қилиш ва таҳрирлаш; аҳолини рўйхатга олиш бўйича дастлабки натижаларни олиш; аҳолини рўйхатга олиш натижаларини эълон қилиш ва тарқатиш. Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга, унинг материалларини қайта ишлашга, натижаларини олиш ва эълон қилишга жалб этилган ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш махсус ишлаб чиқилган ва тасдиқланган нормативлар асосида амалга оширилади.