Жиззах политехника институти маданият саройида жорий йилнинг 15 ноябрь куни “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонун қабул қилинганлигининг 28 йиллиги ва Халқаро  талабалар куни” муносабати билан байрам тадбири ўтказилди.

Тадбирни Ёшлар билан ишлаш бўйича проректор Н.Алимов кириш сўзи билан очди ҳамда сўз навбатини Республика Маънавият ва маърифат маркази Жиззах вилоят бўлими раҳбари Баҳодир Мавлоновга берди. Маърузачи ўз нутқида давлат байроғининг қабул қилиниши, давлат тимсолларининг яратилиш тарихи, байроқ ҳар бир давлатнинг шаъни, ғурури, ифтихори эканлигини айтиб ўтар экан, ҳар бир шахс давлат байроғини ардоқлаши, уни кўз қорачиғидек асраш чин инсонийлик бурчига айланиши кераклигини айтиб ўтди. Шу билан биргаликда, институт талаба-ёшларини халқаро талабалар куни муносабати билан қизғин муборакбод этди. Байрам тадбирида институт ректори, техника фанлари доктори, профессор Усмонқулов Алишер Қодирқулович ҳам сўзга чиқиб, давлат байроғининг 28 йиллиги мамлакатимизнинг барча жойларида ўзгача кўтаринкилик ва шукуҳ билан нишонланаётганлиги, шундай байрам тадбирларидан бири бугун институтимизда ҳам ўтказилаётганлигини айтиб ўтди. Халқаро талабалар куни муносабати билан институт талабаларини қутлар экан, бу ўқув йили давомида ҳам институт талабалари кўплаб ютуқларни қўлга киритганлигини алоҳида эътироф қилиб ўтди. Тадбир давомида турли номинациялар бўйича ғолибликни қўлга киритган иқтидорли талабалар фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғлари билан тақдирланишди. Тадбир сўнггида институт талабалари томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар ҳамда шўх рақслар тадбирга ўзгача файз бағишлади. Тадбир кўтаринки руҳда бўлиб ўтди.

Институт Ахборот Хизмати