Жиззах политехника институтининг электроэнергетика бўйича ўқув-лаборатория базаси яна битта лабораторияга бойиди. Институтга Германиянинг “LD Didactic” компаниясида ишлаб чиқарилган, радиоэлектроника фанидан ўқув машғулотлари ўтказиш учун мўлжалланган, қиймати 500 минг евро миқдоридаги ўқув-лаборатория жиҳозлари келтириб ўрнатилди. Унинг таркибида ўзгарувчан ток машинаси ва электродвигатели, бир фазали трансформатор, дала транзистори, генератор билан эксперимент ўтказиш учун ўқув жиҳозлари мавжуд бўлиб, улар талабаларнинг институтдан чиқмасдан, бевосита саноат корхоналаридаги шароитдан кам бўлмаган тарзда билимларини ошириш имконини беради. Толибжон Эргашев (“Халқ сўзи”).