Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Олий Мажлис Сенати Кенгашининг қабул қилган қўшма қарорини ўқиб хурсанд бўлдим. Кўп асрлик тарихга эга қадриятлари ва анъаналари ичида тўй-ҳашамлар, маърака-маросимлар алоҳида ўрин тутади. Минг афсуски,
баъзан яхши ниятлар билан ўзингиз бошлаган тўй, маросимни ўзингиз хоҳлагандек ўтказа олмайсиз. Аввалгидек тўйни ҳовлида ёки кўчанинг бир қисмини ёпиб ўтказишнинг иложи йўқ. Ҳозир ўтказиладиган тўйларнинг инон-ихтиёри базмгоҳлар эгаси-ю, “санъаткорлар”га боғлиқ. Улар билан келиша олсангиз марра сизники. Айтайлик, кейинги ойнинг ўрталарида тўй қилмоқчисиз. Ҳамма нарса тайёр. Режангизга кўра, камроқ меҳмон айтмоқчисиз, аммо базмгоҳ эгаси меҳмонлар камида 400(600 ёки 700 бўлмаса) нафар бўлиши керак, бўлмаса бошқасига боринг дейди. Бунинг устига яна ҳар бир меҳмонга 150000-200000 сўмлик дастурхон қилиниши керак деб туриб ҳам олади. Сиз истаган “санъаткорлар”га эса яқинлашишнинг имкони йўқ. На илож, айтганига кўнасиз. Булардан ташқари, базмгоҳнинг фалон пулга хизмат қиладиган видеотасвирчиси, бир нечта сураткашлари ҳам бўладики, улар ҳам тўйчилар ҳисобидан фаолият юритадилар. Ана сизга харажату мана сизга базми жамшид. Турган-битгани исрофгарчилик. Агар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Олий Мажлис Сенати Кенгашининг қабул қилган қўшма қарори ижрога киритилса, шояд улар ҳам инсофга келиб, ортиқча исрофгарчиликларга барҳам берилса.
Санжар Тиллаев, СамДУ
 
Юқоридаги билдирилган фикрларга, мен ҳам ўз муносабатимни билдирмоқчиман. Ўзбек халқи дунёдаги энг болажон халқ. Болалари бахти учун ҳамма нарсага тайёр. Болалари туғилган кундан бошлаб бутун кучини, топган маблағини тўйлар қилишга, уйлар қуришга сарфлайди, ўзининг роҳат-фароғатини камдан кам ўйлайди. Аммо кейинги пайтларда тўйлар қуюшқондан чиқиб кетди. Никоҳ тўйларида ўнлаб бир хил ранг ва маркалардаги қимматбаҳо машиналар карвонининг тартибсиз ҳаракати, тўй билан боғлиқ турли-туман кераксиз харажатлар, ҳаракатлар, тўй дастурхонига тортилиб, қўл ҳам урилмай увол бўлаётган ноз-неъматлар, куракда турмайдиган нарх-наволи сарпо-суруқлар, кўрпа-тўшаклар, мебель, квартира-ю машиналарнинг калитини совға қилишлар. Карнай-сурнай садолари остида базмгоҳга кириб келган келин-куёв устидан гул ўрнига пул сочишлар, пулдан поёндозлар тўшаш, амма-ю холалар, амаки-тоғаларни даврага чиқариб, чаккаларига катта-катта, сиқим-сиқим пул қистиришлар, ёш-ялангларнинг маст-аласт ҳолда беўхшов ҳаракатлар билан рақсга тушиб, даврани ҳеч кимга бермай гир айланишлари нафақат тўйчининг, ҳатто тўйхўрларнинг ҳам оғримаган бошини оғритиб, жонини ҳалқумига келтиради. Айниқса, мамлакатнинг асосий иқтисодий муомала воситаси бўлган пулга нисбатан бундай салбий муносабат, нописандлик, уни таҳқирлаш жиддий қораланиши керак. Яқинда қабул қилинган қўшма қарор янги йилдан ижрога киритилса, ортиқча бундай исрофгарчиликлар мутлақо барҳам топса, не ажаб!!
Бегали Алиқулов, СамДУ