Олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида беш кунлик ўқиш тизими жорий этилиши мумкин Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида ёшлар туризмини ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди. Қарор лойиҳасида, ички туризмни ривожлантириш доирасида ўқувчи ва талабалар ҳамда уларнинг ота-оналари саёҳатларини самарали ташкил этиш мақсадида барча умумий ўрта таълим мактаблари, олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида беш кунлик ўқиш тизимини жорий этиш ҳамда туризм мавсумини узайтириш мақсадида ёзги таътил муддатини қисқартириш ҳисобидан қишки таътил даврини узайтириш бўйича таклиф ишлаб чиқиш белгиланган. Ҳужжатга кўра, Ўзбекистонда хориждаги нуфузли таълим муассасаларининг ёзги (“Summer Camp”) ва қишки (“Winter Camp”) лагерларни ташкил этиш, юртимизнинг диққатга сазовор шаҳарларида Европа, МДҲ ва узоқ шарқ мамлакатлари ёшларини бирлаштирувчи йирик форум, конгресс, конференция ва шу каби бошқа тадбирларни ўтказиш ҳам белгиланган. ✅ Қуйидаги манзил орқали Қарор лойиҳаси юзасидан таклиф-мулоҳазаларингизни билдиришингиз мумкин: 👉 https://regulation.gov.uz/uz/document/11004