Улуғ халқнинг мангу қўшиғи она Ватанимиздан ғурурланишга, уни севишга, мустақиллигимизни янада мустаҳкамлашга, бунданда юксак чўққиларни забт этишга ундайверади.
Давлат суверенитетининг рамзи – мадҳиямиз садолари халқимиз қалбида юксак ватанпарварлик туйғуларини кучайтирмоқда.
1992 йил 10 декабрда “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган. Қонунга кўра, Давлат мадҳияси Ўзбекистон Республикаси Давлат суверенитетининг рамзи ҳисобланади. Давлат мадҳиясига зўр эҳтиром билан қараш Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг ватанпарварлик бурчидир. 2010 йил 24 декабрда мазкур қонунга киритилган ўзгартишга кўра, фуқароларимиз, шунингдек, мамлакатимизда бўлиб турган бошқа шахслар мадҳиямизни ҳурмат қилиши шарт.
Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов шеъри, Ўзбекистон халқ артисти, атоқли композитор Мутал Бурҳонов мусиқаси асосида яратилган мадҳиямизда мусаффо осмонимиз, бахтли ва фаровон ҳаётимиз, халқимизнинг асрий орзулари, келажакка ёруғ умиди ва мустаҳкам ишончи теран ифодаланган.
Миллий мадҳиямиз муаззам садолари давлатимиз раҳбарининг турли мамлакатларга расмий ташрифлари чоғида, Ўзбекистонга келган хорижий мамлакатларнинг раҳбарларини кутиб олиш маросимларида, юртимизда ўтаётган умумхалқ байрамларида, йирик халқаро анжуманлар, тинчлик ва дўстлик келишувларида, спорт мусобақаларида ва спортчиларимизнинг халқаро мусобақаларда энг баланд шоҳсупага кўтарилган пайтида баралла янграмоқда.
2016 йилда мадҳиямиз мусиқаси муаллифи – Ўзбекистон халқ артисти, атоқли композитор Мутал Бурҳонов таваллудининг 100 йиллиги кенг нишонланди. 2017 йилда Президентимиз ташаббуси билан давлатимиз мадҳияси матнини битган атоқли шоиримиз, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов номини абадийлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Қарши шаҳрида Абдулла Орипов номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернати ташкил этилди.
Давлат суверенитетининг рамзи – мадҳиямиз садолари халқимиз қалбида юксак ватанпарварлик туйғуларини кучайтирмоқда.
Серқуёш, ҳур ўлкам, элга бахт, нажот, 
Сен ўзинг дўстларга йўлдош, меҳрибон! 
Яшнагай то абад илму фан, ижод, 
Шуҳратинг порласин токи бор жаҳон!
Ҳа, улуғ халқнинг мангу ушбу қўшиғи она Ватанимиздан ғурурланишга, уни севишга, мустақиллигимизни янада мустаҳкамлашга, бунданда юксак чўққиларни забт этишга ундайверади.​​