Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида вазир ўринбосари У.Бегимкуловнинг Туркиянинг Анқара Йилдирим Боязид университети делегацияси билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда икки давлат ўртасида таълим ва фан соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. У.Бегимкулов олий таълим тизимидаги ислоҳотлар ҳақида сўз юритиб, республикамизда илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлашга катта эҳтиёж мавжудлиги, Туркия университети билан ҳамкорликда Ўзбекистон олий таълим муассасалари илмий салоҳиятини яхшилаш имкониятлари кенглигини таъкидлади. Шунингдек, техника соҳасида кадрлар тайёрлаш борасида алоқаларни мустаҳкамлаш муҳимлиги қайд этилди. Ўз навбатида туркиялик меҳмонлар университетлар ўртасида талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, ҳамкорликда илмий тадқиқотлар олиб боришдан манфаатдор эканини маълум қилди. Бундан ташқари, музокараларда ҳамкорликнинг келажакдаги истиқболлари муҳокама қилиниб, томонлар ўзаро мулоқотни келажакда мунтазам тарзда давом эттиришга келишиб олишди. Учрашув сўнггида Тошкент тиббиёт академияси ва Анқара Йилдирим Боязид университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Қайд этиш лозим, олдинроқ, Ибраҳим Айдинли бошчилигидаги делегация Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ва Бухоро, Самарқанд давлат, Тошкент давлат техника, Тошкент давлат иқтисодиёт ва Ўзбекистон миллий университетлари раҳбарлари билан ҳам музокаралар ўтказган.

Manba: Axborot xizmati