Ўзбекистонда йилдан йилга ОТМларга қабул квоталари оширилмоқда. Шунга қарамай, мазкур тенденция биноларга бўлган катта эҳтиёжни юзага келтирмайди, деб маълум қилди Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Бош бошқарма бошлиғи Абдували Холиқов.
Фото: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги
Академик лицей ва коллежларнинг юзга яқин бинолари ОТМ тасарруфига берилди. 2022 йилгача [қўшимча] ўқув биноларига эҳтиёж бўлмайди. 2023 йилдан бошлаб эҳтиёж сезилади ва қўшимча биноларни қуриш бўйича амалий ҳаракатлар олиб борилади. 2017 йилгача ОТМларга қабул кўрсаткичи 9 фоиз атрофида ўзгармай келган. 2018 йилда 13 фоизга, 2019 йилда 20 фоизга ўсиш кузатилди. Жорий ўқув йилида эса кўрсаткични камида 25 фоизга оширишни режалаштирганмиз», – деди Абдували Холиқов.
«Жорий йил республика бўйича умумий ўрта таълим мактабларини 641 минг нафар ўқувчи тугатади. Демак, 2020-2021 йилда 160 мингдан ортиқ ёшларни олий таълимга қабул қилишимиз керак. Буни амалга оширишга имкониятимиз етарли. Бугунги кунда 468 минг нафар талаба бўлса, кейинги ўқув йилида 550 мингдан ортиқ талаба олий таълимга қамраб олинган бўлади. 2030 йилга келиб эса олий таълимга қамраб олиш даражаси 50 фоиздан ошади», – деди ОЎМТВ Бош бошқарма бошлиғи.