Олий ўқув юртига ишга қабул қилинаётган профессор-ўқитувчиларни танлаб олиш механизмлари такомиллаштирилиб, номзодларга қўйиладиган талаблар кучайтирилади. Бу ҳақда Олий ва ўрта-махсус таълим вазири Ином Мажидов маълум қилди.
«Талаб кучайтирилади ва кўпроқ ёшлар билан тўлдирилади. Ёшларга илмий иш қилиш имкониятлари кенгайтирилиб, керак бўлганда хорижда тажриба орттириб келиши қамрови ошириб борилади», – деди Мажидов Халқаро пресс-клуб сессиясида.
Унинг сўзларига кўра, ОТМлар профессор-ўқитувчиларини хорижга тажриба ошириш учун юбориш кўрсаткичини ўн фоизга етказиш мақсад қилинган.
«2019 йилда 2 мингдан ортиқ ўқитувчи (ҳам «Эл-юрт умиди» жамғармаси, ҳам грантлар, ҳам ОТМларнинг ўз ҳамкорлари билан) хорижда турли шаклларда – ё ўқиган, ё стажировка ўтаган ёки малака ошириб келган. Бу кўрсаткич кўпаяди. Уч минггача кўпайтириш режамиз бор. Профессор-ўқитувчиларимизнинг умумий сонидан 10 фоизга етказиш мақсад қилинган», – деди вазир.
Маълум қилинишича, 2019 йилда хориждан 1,5 нафардан ортиқ ўқитувчи Ўзбекистон ОТМларига келиб, турли маъруза ва мастер-класслар ташкил этган. 2020 йилда бу кўрсаткич 2 мингдан кам бўлмаслиги кутиляпти.