Янги йилга қувонч ва янги умидлар ила пешвоз чиқиш қаторида ортга назар солиб, амалга оширган ишларимизни сарҳисоб қилиш, янги йилда янги режалар тузиш ҳам барчамизга хос. Зеро сарҳисоб 365 кун давомида амалга оширган ва оширишга улгурмаган ишларимизни таҳлил қилиб, хатолардан хулоса чиқармоқ, янги режалар сари дадил одим отмоқ учун имкон беради. Худди шундай сарҳисоб тадбири Жиззах политехника институтида ҳам бўлиб ўтди. 2019 йил 27 декабрь куни институтнинг фаоллар залида  янги 2020 йилнинг кириб келиши муносабати билан Янги йил байрами тадбири бўлиб ўтди. Тадбир аввалида институт ректори А. К. Усманкулов сўзга чиқди ва якунланаётган 2019 йил давомида олийгоҳда таълимни такомиллаштириш бўйича амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар ҳамда келгуси йилда амалга оширилиши режалаштирилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритди. Институт жамоасига келгуси йилда ҳам ўқиш ва меҳнат фаолиятида улкан мувафаққиятлар тилади. Шундан сўнг ўқув йили бошидан шу кунга қадар турли танлов ва тадбирларда фаол иштирок этган профессор-ўқитувчиларга институт  ректорининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди. Дастурдан ўрин олган куй-қўшиқлар, байрам табриклари, чиқишлари байрамга янада ўзгача файз киритди. Санъаткорлар иштирокидаги жонли куй-қўшиқлар байрам тадбирининг юқори савияда ўтишини таъминлади

Институт Ахборот хизмати