Қадрли ўқитувчилар ва мураббийлар!

Азиз талабалар!

Янги 2020 йил эшик қоқиб турган шу фурсатда барчангизни умримизнинг яна бир йили кириб келаётгани билан табриклаш мен учун жуда ёқимлидир. Мазкур айём дунё халқлари қатори юртимизда ҳам катта шоду хуррамлик, эски йилга миннатдорлик ва янги йилдан улкан орзу-умидлар билан кутиб олинувчи, кекса-ю ёшга бирдек қадрли бўлган байрамдир. Янги йилга қувонч ва янги умидлар ила пешвоз чиқиш қаторида ортга назар солиб, амалга оширган ишларимизни сарҳисоб қилиш, янги йилда янги режалар тузиш ҳам барчамизга хос. Зеро сарҳисоб 365 кун давомида амалга оширган ва оширишга улгурмаган ишларимизни таҳлил қилиб, хатолардан хулоса чиқармоқ, янги режалар сари дадил одим отмоқ учун имкон беради. Шу маънода Жиззах политехника институти жамоаси 2019 йил билан ёруғ юз ила хайрлашмоқда, дейишга тўла асосимиз бор. Профессор-ўқитувчилар ва талабаларимиз йил давомида турли соҳаларда салмоқли ютуқларни қўла киритиб, олийгоҳимиз мақомини юксакка кўтаришга ҳисса қўшдилар. Якунига етаётган 2019 йил улкан меҳнат ютуқлари ила институтимиз тарихидан муносиб ўрин олади. Шу фурсатда барчамиз ўтмишга айланаётган йилни муносиб меҳнат зафарлари билан якунлаётганимиздан мамнунлик ҳиссини туямиз. Ўйлайманки, кириб келаётган 2020 йил бундан-да сермаҳсул, фаолиятимизнинг барча соҳаларида янги марраларни забт этишга имкон беради. Зотан, дунёда вақтдан улуғ бойлик, имкон йўқдир. Мутафаккир бобомиз Алишер Навоий бежизга “Йигитликда олгин илм маҳзанин, қарилик чоғида харж қилгин ани” демаганлар. XXI асрнинг иккинчи ўн йиллигини якунловчи йилга қадам қўяр эканмиз, у бўлғуси мутахассислар – бугунги талабаларга ана шундай имконни тақдим этаётганини барчамиз виждонан ҳис этмоғимиз лозим. Бугунги сифатли таълим эртанги кафолатланган иш ўринлари, интеллектуал бойлик демакдир. Ватанимиз келажаги, фарзандларимиз тақдири учун масъуллик ҳисси барча профессор-ўқитувчиларни ўз устида янада кўпроқ ишлашга ундаса, талабаларнинг шахс ва мутахассис сифатида рақобатбардош бўлиб етишишларига сабабдир.   Ҳурматли профессор- ўқитувчилар ва азиз талабалар! Мана, яна бир йилни тарих саҳифаларига муҳрлаб, яна бир янги йилга олам-олам орзу-умидлар билан пешвоз чиқмоқдамиз. Шундай шукуҳли дамларда барчангизга Янги йилнинг яхши йил бўлиб келишини, она сайёрамизга тинчлик ва қувонч, жонажон юртимизга тараққиёт ва фаровонлик, халқимизга кўпдан кўп яхшиликлар олиб келишига тилакдошман. Улкан жамоамизнинг ҳар бир аъзоси, улар орқали оилаларига омад, қувонч, зафарлар ҳамроҳ бўлсин. Юзимиз ёруғ, ҳаётимиздан мамнун яшаш ҳар биримизга насиб этсин. Йил давомида юқори кайфият, омад ва қувонч доимий ҳамроҳимиз бўлсин!

Алишер УСМАНҚУЛОВ,

институт ректори