2020-йил 14-январ куни Жиззах политехника институти маданият саройида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 28 йиллиги ҳамда “14-январ – Ватан ҳимоячилари куни” га бағишланган тантанали, байрам тадбири бўлиб ўтди. Байрам тадбирида Жиззах шаҳрида жойлашган ҳарбий қисм вакиллари, институт профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалар иштирок этдилар. Тадбирда институт ёшлар билан ишлаш бўйича проректори Нормурод Aлимов кириш сўзи билан очиб, тадбир иштирокчиларига институт ректорининг байрам табригини ўқиб эшиттирди ва байрам тадбирини очиқ деб эълон қилди. Байрам арафасида институтимизда Жиззах шаҳридаги ҳарбий қисмлар ҳамда институтимиз жамоалари ўртасида спортнинг мини-футбол тури бўйича мусобақа ташкил этилди. Қизиқарли ва шиддатли ўтган мусобақа натижаларига кўра фахрли 1-ўринни  08918- ҳарбий қисм жамоаси, 2-ўринни 25931-ҳарбий қисм жамоаси ва 3- ўринни Жиззах политехника институти жамоалари эгалладилар. Шу муносабат билан уларга фахрий ёрлиқлар ва  эсдалик совғалари топширилди. Тадбир ташкиллаштирилган саҳна кўринишлари ҳамда концерт дастурлари билан янада қизғин кечди. Ватанни мадҳ этувчи ва дилларга байрамона кайфият улашувчи куй-қўшиқлар тадбирнинг янада кўтаринки ўтишини таъминлади.

Институт матбуот хизмати