10 март куни Давлат тест марказида коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш мавзусига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда ОТМларга қабул жараёнларида кутилаётган ўзгаришлар ҳақида маълумот берилди. 

Абитуриентлар онлайн тарзда ҳужжат топшира олади

ДТМ директори Мажид Каримов: – Шаффофлик ва ошкораликни таъминлаш мақсадида 2020-2021 йилги қабулда жуда катта ишлар режа қилинган. Жумладан, ўтган йилги қабулда ҳужжат топширишда навбатлар кўпайиб кетгани юзасидан ота-оналар ва жамоатчиликнинг шикоятлари инобатга олинди. Шунинг учун жорий йилдан Давлат тест маркази сайти орқали  ОТМларга онлайн рўйхатдан ўтиш тизимини яратяпмиз. Абитуриентлар уйида туриб ҳам ҳужжат топшириш мумкин бўлади.

Учтадан кўпроқ ОТМга ҳужжат топшириш имкони берилиши мумкин

ДТМ Бош бошқарма бошлиғи Барно Ражабов: – 2020-2021 ўқув йилида ҳам абитуриентларда 3та ОТМдан бирини танлаш имкони сақланиб қолади. Бу бўйича таклифлар ҳам ишлаб чиқилмоқда. Агар улар инобатга олинадиган бўлса, танланадиган ОТМлар сони 3тадан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин.
Барно Ражабов: – 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб, босқичма-босқич тарзда умумтаълим мактабларидаги якуний давлат аттестацияси ва ОТМга қабул имтиҳонларини битта қилиб ўтказиш режалаштирилмоқда. Келгусида ўқувчилар мактаб аттестациясини топширади ва унда олган баллари билан ОТМларнинг кириш имтиҳонларида қатнашишади. Бу билан ўқувчиларга енгиллик ва қулайлик яратилади. Мактаблардаги якуний давлат аттестациялари ҳам ҳозирги кириш имтиҳонлари каби катта сиғимли биноларда, ДТМ ва бошқа масъул вазирликлар назоратида ўтказилади.

«2019 йили ДТМ фаолиятидан норозилар минг нафарга камайди»

ДТМ директорининг айтишича, ўтган йил таҳлилларига кўра, апелляциялар ва ДТМ фаолиятидан норозилик билдирилган мурожаатлар сони камайган. «Агар 2018 йилда 4 мингга яқин мурожаат қабул қилинган бўлса, 2019 йилда улар мингтага камайди», – деди ДТМ директори Мажид Каримов. Бош бошқармаси бошлиғи Барно Ражабовнинг сўзларига кўра, 2019 йилда апелляция шикояти киритган абитуриентларнинг тахминан 20-30 нафари талабалар сафига қабул қилинган. «Қолган абитуриентлар орасида ҳам асосли мурожаат қилганлари бўлган. Бироқ улар тўплаган балл етарли бўлмагани туфайли талабаликка қабул қилинишмаган», – дейди Барно Ражабов.

Манба