Ўзбекистонда буюк мусаввир ва наққош Камолиддин Беҳзод таваллудининг 565 йиллиги кенг нишонланади ҳамда тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар қабул қилинади.
Президентнинг муҳокама учун эълон қилинган қарори лойиҳасига кўра, Бадиий академия, Маданият вазирлиги ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг: Буюк мусаввир ва наққош Камолиддин Беҳзод таваллудининг 565 йиллигини 2020 йил октябрь ойида кенг нишонлаш; Камолиддин Беҳзод хотирасини абадийлаштириш мақсадида Тошкент шаҳрининг кўчаларидан бирига унинг номини бериш; “Камолиддин Беҳзод номидаги Давлат стипендияси”ни таъсис этиш; ёш истеъдодли ижодкорларни аниқлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Камолиддин Беҳзод издошлари” миниатюра ва халқ амалий санъати асарлари ижодий танловини ташкил этиш ва уни анъанавий тарзда ўтказиб бориш тўғрисидаги таклифлари маъқулланиши мумкин. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази Маданият вазирлиги, Молия вазирлиги, Бадиий академия ва Фанлар академияси билан биргаликда чет элларда сақланаётган Камолиддин Беҳзод ва унинг издошлари ижодига мансуб асарларнинг асл ёки кўчирма нусхаларини юртимизга қайтариш бўйича 2020–2022 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритади. Ташқи ишлар вазирлиги Камолиддин Беҳзод ва унинг издошлари ижодини ўрганиш, меросларига оид ашёларни тўплаш мақсадида чет элларга борувчи илмий экспедицияларни ташкил этишга амалий ёрдам кўрсатади. Камолиддин Беҳзод таваллудининг 565 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистоннинг республика ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан тенг улушларда, шунингдек, ҳомийлик хайриялари ҳисобидан қопланади. Бадиий академия ҳузурида: тасвирий ва амалий санъат, дизайн, санъатшунослик ҳамда музейшунослик йўналишларидаги педагог ва мутахассис кадрларни қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш маркази; Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган рассомлар тажриба устахонаси (олий рассомлик курслари) ташкил этилади. Қуйидагилар белгиланади: а) Марказнинг асосий вазифалари этиб: тасвирий ва амалий санъат, дизайн, санъатшунослик ҳамда музейшунослик соҳалари бўйича юқори малакали педагог ва мутахассислар тайёрлаш; халқаро танловларда муносиб қатнашадиган иқтидорли ёш профессионал санъат намоёндаларини тайёрлаш учун уларнинг кўникма ва билимларини ривожлантиришга йўналтирилган замонавий ўқитиш дастур ва услубларини жорий этиш; бадиий таълим йўналишларидаги педагог ва мутахассисларнинг малакасини ошириш, бунда илғор халқаро тажрибадан кенг фойдаланиш, профессионал билимларни ва кўникмаларни ривожлантиришга йўналтирилган самарали ўқитиш усулларини татбиқ этиш; ўқитишнинг замонавий шакл ва услублари, самарали педагогик технологиялар, электрон ахборот ресурсларидан кенг фойдаланган ҳолда таълим жараёнининг юқори даражада олиб борилишини таъминлаш; ўқув жараёнига замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишни ҳисобга олган ҳолда қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларининг ўқув режалари ва дастурларини тизимли равишда такомиллаштиришни таъминлаш; бадиий таълим йўналишларидаги педагог ва мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш курсларининг ўқув-методик базасини шакллантириш ва фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда уларга ташкилий-методик раҳбарликни амалга ошириш; б) Марказ тасвирий ва амалий санъат, дизайн, санъатшунослик ҳамда музейшунослик йўналишларидаги педагог ва мутахассис кадрларни ўқитиш учун тасдиқланган буюртмага мувофиқ ажратиладиган Давлат бюджети маблағлари, шартнома асосида таълим хизматларини кўрсатишдан тушадиган маблағлар, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади; в) рассомлар тажриба устахонасининг асосий вазифалари этиб: тасвирий санъат асарларининг юксак сифатини таъминлаш, тасвирий санъат ижодкорларининг имконият ва салоҳиятини тўлақонли юзага чиқариш; “устоз-шогирд” ва бадиий таълим анъаналарини сақлаган ҳолда ўқитишнинг илғор усулларини ишлаб чиқиш ва ўқув жараёнига ижодий устахоналар фаолиятини татбиқ этиш; тасвирий санъат (дастгоҳли, графика, маҳобатли, миниатюра, ҳайкалтарошлик) йўналишларида фаолият олиб бораётган истеъдодли ижодкорларни саралаб олиш, уларнинг эстетик тарбиясини юксалтириш; санъат асарларида миллий ва умуминсоний анъаналарни юксак даражада ифода этилишига эришиш; чет эллардаги кўргазма ва музейларда сақланаётган ноёб асарлар билан яқиндан танишиш, нусха кўчириш ҳамда тажриба алмашиш мақсадида хорижий мамлакатларга талабаларнинг ижодий сафарларини ташкил этиш; мамлакатимиз музейлари фондларини юксак бадиий қийматга эга бўлган тасвирий санъат асарлари билан мунтазам бойитиб боришга кўмаклашиш; г) рассомлар тажриба устахонасига қабул 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб бакалавр даражасига эга тасвирий санъат соҳаларида ўз ижодий қобилиятини намоён этган 10 нафар ижодкорлар танлов асосида қабул қилинади; д) рассомлар тажриба устахонасида таълим икки йилни ташкил этади ва унда таҳсил олувчи шахсларга стажёр-тадқиқотчи лавозим маошининг базавий миқдорига тенглаштирилган миқдорда стипендия тўланади. Шундай тартиб ўрнатиладики, унга кўра 2020 йил 1 мартдан бошлаб: а) Ўзбекистон давлат мукофотини олган шахслар ҳамда Бадиий академиянинг ҳақиқий аъзоларига: Бадиий академия тизимидаги ихтисослаштирилган санъат мактаблари ҳамда мактаб-интернатларида бераётган дарслари учун ойлик иш ҳақи республика олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари учун ўрнатилган миқдорда белгиланади; Марказ ва рассомлар тажриба устахонасида бераётган дарслари учун ойлик иш ҳақи базавий лавозим маошининг 50 фоизи миқдорида ойлик устамалар ўрнатилади; соатбай иш ҳақи тўлаш шартлари билан педагогик таълимга жалб этилган тақдирда соатбай ҳақ тўлаш миқдори 20 фоизга кўпайтирилган ҳолда тўланади; б) Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи раҳбар ва илмий ходимларининг иш ҳақи Давлат бюджети маблағлари ҳисобига фундаментал, амалий тадқиқотлар ва инновацион ишларнинг илмий-техника дастурларини амалга оширишда қатнашувчи илмий-тадқиқот муассасалари раҳбар ходимларининг базавий лавозим маошлари миқдорларига тенглаштирилади; в) Бадиий академия марказий аппаратининг ходимларига уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ойлик жамғармасининг 100 фоизи миқдорида 2020 йил 1 апрелдан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўланадиган шахсий устама белгиланади.