Фото: media.kpfu.ru
Ўзбекистонлик Камолиддин Бобохонов “Татаристон талабаси-2019” мукофоти совриндори бўлди. Камолиддин 50000 рубль мукофот пулидан ташқари, дунёнинг исталган олий таълим муассасасида ўқишни бепул давом эттириш имкониятини қўлга киритди. Мукофот ғолибини тақдирлаш маросими 25 январда Қозондаги “Пирамида” концерт залида бўлиб ўтди. Ғолиб номини шахсан Татаристон президенти Рустам Минниханов эълон қилди. Тошкентлик Камолиддин Бобохонов Қозон федерал университетининг Ижтимоий-фалсафий фанлар ва оммавий коммуникациялар институтида таҳсил олади. 2020 йилда мукофот ўз юбилейини нишонлади: у 15-марта топширилди. Камолиддинга ушбу мукофот ғолибларига топширилувчи “Татаристоннинг энг яхши талабаси пиджаки” ва ғолиб номи ёзилган шарф топширилди. Ғолибнинг KazanFirst нашрига маълум қилишича, у ҳозирча ўқишни қайси олий таълим муассасасида давом эттириш борасида бир тўхтамга келмаган. Эҳтимол, бу Буюк Британиядаги ёки Россиядаги етакчи ОТМлардан бири бўлиши мумкин. Камолиддин ўқишни “халқаро муносабатлар” йўналишида давом эттириш истагида. “Қозонда Россияда талабалар учун бор бўлган энг яхши шароитлар яратилган”, деб миннатдорлик билдирган ўзбекистонлик талаба ўз нутқида.