Хабарингиз бор, 18 январь куни Республика Бош прокуратурасида Бош прокурор Ниғматулла Йўлдошев раислигида Коррупцияга қарши курашиш бўйича Республика Идоралараро комиссиясининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Видеоселектор тарзида ўтказилган йиғилишда олий таълим соҳасида коррупцияга қарши курашиш ҳолати ва қонунийликни таъминлашга доир масалалар муҳокама қилинди. Олий таълим соҳасида коррупцияга қарши кураш бўйича амалий ишлар оқсаётганлиги, тизимдаги айрим раҳбарларнинг бу иллатдан қутула олмаётганлиги танқидий муҳокама этилди. 20 январ куни Жиззах политехника институти катта мажлислар залида  ҳам институти ректори А.К. Усманкулов раҳбарлигида институт проректорлари  ва професссор-ўқитувчилари учун йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда  институт раҳбари сўзга чиқиб, республика бош прокуратурасида ўтказилган видеоселекторда кўтарилган муаммо ва камчиликлар ЖизПИга ҳам хос эканлиги, коррупцияга қарши кураш биринчи навбатдаги муҳим масала бўлиб қолишини таъкидлади. Қайд этилишича, олий таълим тизимида асосан талабалик сафига қабул қилиш, ўқиш жараёнида топшириладиган турли синовлар, талабаларнинг битирув малакавий иши ёки магистрлик диссертациясини тайёрлаш ва ҳимоя қилиш, магистратурага қабул, шунингдек, талабаларнинг ўқиш жойини кўчириш, ўқиш йўналишини ўзгартириш ҳамда ўқишга қайта тиклашда коррупция ҳолатлари кузатилмоқда. Жиззах политехника институтида ҳам бундай салбий ҳолатга йўл қўйилгани қаттиқ танқид қилинди. Йиғилишда институт проректорлари Ғ.Эгамназаров, Н.Алимов, Б.Матниязовлар сўзга чиқиб, яқинлашиб келаётган якуний назорат ҳафталигида коррупци иллатига йўл қўймаслик чораларини кучайтириш, “Адолат қутиси” ва ректорнинг виртуал қабулхонасига мурожаатларнинг синчиклаб ўрганилишини билдирдилар. Талабалардан аноним анкета сўровномалари ўтказилишини, олий таълимда коррупциядан холи муҳит яратиш кун талаби эканини таъкидладилар. Дарҳақиқат, таълимга эътиборсизлик миллат таназзули демакдир.  Жанубий Африка Республикаси Стелленбосс университети пештоқига ёзиб қўйилган қуйидаги ибора мавжуд вазиятни бор оқибатлари билан ифода этади: «Ҳар қандай миллатни йўқ қилиш учун атом бомбаси ёки узоқ масофали ракета шарт эмас. Бунинг учун таълим сифатини тушириб, имтиҳонларга алдов аралаштиришнинг ўзи кифоядир. Бу тарзда таълим олган шифокорлар қўлидан беморлар ўлим топади, қурувчилар қурган уй ва бинолар вайрон бўлади, иқтисодчи ва ҳисобчилар қўлида молиявий ресурслар совурилади, адолат ҳам шундай ҳуқуқшунос ва судьялар қўлида завол топади.