2020 йил  24 январь   куни  Жиззах политехника институти профессор-ўқитувчилари ва талабалари институтнинг маданият саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасига навбатдаги Мурожаатномасини тўғридан –тўғри онлайн  тарзда томоша қилдилар. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўз мурожаатларида 2020 йилни «Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» деб эълон қилди. Давлат раҳбари, шунингдек, олий ўқув юртларида давлат грантлари икки баробарга кўпайтирилишини маълум қилди. «Қизларимиз учун алоҳида грантлар ҳам ажратилади», – дея қўшимча қилди Шавкат Мирзиёев. Президентнинг Олий Мажлиснинг Сенати ва Қонунчилик палатасига мурожаатига кўра, мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражаси 2020 йилда камида 25 фоизга, келгусида эса 50-60 фоизга етказилади. ОТМларга молиявий ва академик мустақиллик берилади. Шу билан биргаолий таълимда мутахассисликка алоқаси бўлмаган фанлар икки баробар қисқартирилади. Маълумот учун, ҳозирда ўқув режалари ва дастурларида ихтисосликка хос бўлмаган фанлар улуши 18 фоизга тенг. Қўшимча қилинишича, 2019 йилда ОТМларга жами 146 минг 500 нафар ёки 2016 йилга нисбатан 2 баробар кўп талаба ўқишга қабул қилинган.  2020 йилда «Эл-юрт умиди» жамғармаси томонидан 700дан ортиқ олим ва профессор-ўқитувчилар чет элга илмий изланиш ва малака ошириш учун юборилади.  «Келгусида грантлар миқдорини 2 баробар кўпайтириш ва тадқиқот йўналишлари кўламини кенгайтириш лозим», – деди давлат раҳбари. Маълум қилинишича, жорий йилда математика, кимё-биология, геология каби йўналишларда фундаментал ва амалий тадқиқотлар фаоллаштирилади.«Ҳар бир олий таълим ва илмий-тадқиқот даргоҳи нуфузли чет эл университетлари ва илмий марказлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиши шарт», – дея таъкидлади  давлатимиз раҳбари. Ўзбекистонни ривожланган мамлакатга айлантиришни мақсад қилиб қўйган эканмиз, бунга фақат жадал ислоҳотлар, илм-маърифат ва инновация билан эриша оламиз. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг янги парламентига мурожаатномасида тўхталиб ўтди. «Бунинг учун, авваламбор, ташаббускор ислоҳотчи бўлиб майдонга чиқадиган, стратегик фикр юритадиган, билимли ва малакали янги авлод кадрларини тарбиялашимиз зарур. Шунинг учун ҳам, боғчадан бошлаб олий ўқув юртигача, таълимнинг барча бўғинларини ислоҳ қилишни бошладик. Нафақат ёшлар, балки бутун жамиятимиз аъзоларининг билими, савиясини ошириш учун аввало илм-маърифат, юксак маънавият керак. Илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта тўғри йўлдан адашиш бўлади», деб таъкидлади давлатимиз раҳбари. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасига навбатдаги Мурожаатномасини  тадбир қатнашчилари катта қизиқиш ва хаяжон билан қабул қилдилар. Тадбир сўнгида   профессор ўқитувчилар ва талабалар Президентимизнинг Олий Мажлиснинг Сенати ва Қонунчилик палатасига  қилган мурожаалари хақида ўз фикрларини ва хулосаларини баён этдилар.