Шавкат Мирзиёев 18 декабрь куни тонгда расмий учрашувларни бошлади. Дастлабки учрашув Аичи префектураси губернатори Хидэки Омура билан ўтказилди. Япониянинг машҳур илм-фан маркази ҳисобланган Нагоя айнан Аичи префектураси маркази ҳисобланади. Учрашув давомида Тошкент вилояти Аичи префектурасининг шериги этиб белгиланди. Шунингдек, Хидэки Омура билан учрашувда Аичидан Тошкентга тўғридан-тўғри рейс йўлга қўйиш масаласини кўриб чиқиш келишиб олинди. Навбатдаги учрашув Нагоя шаҳри мэри Такаси Кавамура билан ўтказилди. Шавкат Мирзиёев жаноб Такаси Кавамурани бир ҳафтада иккинчи марта қабул қилди. Олдинги учрашув 12 декабрь куни Тошкентда ўтказилганди, бу галгиси эса Нагояда бўлиб ўтди. Бу учрашув давомида Тошкентда Нагоя юқори технологиялар паркини қуриш лойиҳаси муҳокама қилингани аҳамиятли. Учрашув сўнгида Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Нагоя мэрияси ўртасида битим имзоланди.

«Сизларни Ўзбекистонда кутаман» — 6 нафар Нобель мукофоти совриндорини тарбиялаган олийгоҳдаги учрашув

Ташриф доирасидаги яна бир муҳим учрашув дунёга машҳур Нагоя университетида бўлиб ўтди. Дунё илм-фанига 6 нафар физика ва кимё бўйича Нобель мукофоти совриндорларини етказиб берган бу олийгоҳда айни дамда 16 минг талаба ўқийди. Улардан 2,6 минг нафари хорижлик, хусусан 30 нафари ўзбекистонлик. Ҳозирга қадар бу олийгоҳда 400дан ортиқ ўзбекистонлик талаба ва тадқиқотчилар таҳсил олган. Шавкат Мирзиёев Нагоя университетида таълим олаётган ўзбекистонлик талабалар билан ҳам учрашди. Ижтимоий тармоқларда президентнинг талабалар билан учрашуви тасвирланган норасмий лавҳа тарқалди. Бу қувноқ лавҳада Шавкат Мирзиёев талабалар билан гаплашган: «Раҳмат, сизлар билан кўришганимдан хурсандман, Ўзбекистонда кутамиз сизларни. Яхши илм, Япония тажрибасини ўрганиб қайтсанглар, ҳозирги ислоҳотларни сизлар билан бирга амалга оширамиз»,— деган президент ўзбекистонлик талабаларга. Шавкат Мирзиёев — Нагоя университетининг фахрий доктори Нагоя университетидаги учрашув доирасида Шавкат Мирзиёевга бу олийгоҳнинг фахрий доктори унвонини бериш маросими ҳам ўтказилди. Университет раҳбарлари, Нобель мукофоти совриндорлари ва ўзбекистонлик талабалар иштирок этган тадбирда Шавкат Мирзиёевга Нагоя университети фахрий доктори унвони тантанали тарзда топширилди: «Бу унвонни, мен аввало Ўзбекистон халқига кўрсатилган эҳтиром ифодаси, деб қабул қиламан ва бунинг учун Нагоя университети раҳбариятига, унинг илмий жамоасига чуқур миннатдорчилик билдираман»,— деди президент мукофотни қабул қилар экан. Шунингдек Шавкат Мирзиёев мукофотни қабул қилиб олиш маросимида япон ва ўзбек халқларини ўхшаш миллий ва ахлоқий қадриятлар билан бирга илм-фан, тафаккурга, камолотга доимо интилиб яшаш каби эзгу фазилатлар бирлаштириб туришини айтди. Нагоя университетининг бу фахрий унвони Шавкат Мирзиёевга илм-фан соҳасида қилган ишлари, мамлакатда иқтисодни либераллаштириш ва барқарор тараққиётга эришиш борасида қилган ишлари эътирофи сифатида топширилди.

Манба  kun.uz